Karimberdi Turamurod

Karimberdi Turamurod

Comments

Рамазон ҳикоялари.
"Сирли кеча" номли янги китобимдан бир ҳикоя ўқинг:
ТЎЙДА
Тўрамнинг асли исми Саидакбар. Аммо ким охирги марта Саидакбар деб чақирганини Тўрамнинг ўзи ҳам эслай олмайди. Каттаю кичик у кишини Тўрам деб эъзозлайди, маслаҳат сўрайди, Тўрамдан дуо сўрайди. Каттаю кичик Тўрамни уйининг тўрига ўтқазади, тўю маъракасини Тўрам келмаса, бошламайди. Аммо Тўрам кейинги пайтларда тўйлардан оёғини тортган.
− Сарваримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаромдан ҳазар қилинглар, шубҳали нарсага яқин борманглар», деганлар, − дейди Тўрам. − Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни шубҳали нарсалардан шунчалик кўп қайтардиларки, биз ҳалол нарсаларнинг ҳам ўндан тўққизини тарк қилдик», деганлар. Ҳозирги тўйларда дастурхонга қўйиладиган нарсаларнинг ичида ҳалолидан ҳароми кўп, шубҳалиси кўп. Тўйларга боришда савобдан увол кўп, гуноҳ кўп. Бориб, гуноҳкор бўлгандан кўра, ўша тўйларга бормай, тўй эгасига ёмон кўрина қолай.
Тўрам айрим тўйларга бориб қолса ҳам, албатта ҳалолу ҳаромдан, поклик ва иймондан маъруза қилиб, одамларни тўғри йўлга, ҳидоятга даъват қилиб кетарди.
Тўрам жаласойлик муридларидан бўлган, унга бемисл ихлос қўйган Абдужалолга йўқ дея олмади.
− Тўйингда ароқ қўймайсанми? − сўради Тўрам.
− Астағфируллоҳ! Ароқ ҳам, вино ҳам, колбаса ҳам олганим йўқ, − деди Абдужалол. − Дастурхонга фақат ҳалол нарсаларни қўяман. Чақирилган меҳмонлар ҳам ҳаммаси сизга ихлос қиладиган одамлар.
− Унда бораман, − деди Тўрам. − Жаласойга ўтмаганимга ҳам анча бўлувди ўзи.
Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Тўрам дуо қилиб бериб бошланган тўй чиройли давом этаётган эди. Аммо тўйга айтилган санъаткорлар ишни салгина бузиб қўйишди. Дуппа-дуруст мақом қўшиқларини айтиб турган ҳофиз шўхроқ қўшиқларини бошлаган эди, қаердандир пайдо бўлган раққоса қиз хиром этиб қолди. Аввалига ҳофизнинг ёнида ўйнаган раққоса иккинчи қўшиқдан кейин меҳмонларга яқин келиб, столларни айланиб ўтиб, эркакларга турли жилва ва ишвалар қила бошлади. Йигитлар унинг қилиқларига қийқиришар, пул тутишар, баъзилари пулни раққосанинг белидаги камарига қистиришса, айримлари унинг ярим очиқ кўксига тиқишарди. Кўкраги ва белига бир қаричлик мунчоқлар шодасини тақиб олган, тинмай араб раққосаларининг ҳаракатларини бажараётган ярим яланғоч бу раққосанинг қилиқларини озгина кузатган Тўрам чидаб ўтиролмади. Шартта туриб, ҳофизнинг олдига борди ва микрофонни ундан тортиб олди.
− Бўлди, болам, энди мени эшит! − деди Тўрам ва нима бўлганини тушунмай, бир қўли белида, бир қўли юқорида қолган раққосани ҳам чақириб олди. − Мана шу қиз бугун тўй тамом бўлгунча тинмай рақсга тушса қанча пул йиғади?
− Билмадим, − каловланди ҳофиз. − Икки юз, икки юз эллик минг сўмча йиғар.
− Яхши, − деди Тўрам ва «Энди нима бўлар экан?» деб тикилиб қолган меҳмонларга мурожаат қилди: − Ўв биродарлар! Ўв мусулмонлар! Ҳамманг ўзбексан! Отанг ўзбек, онанг ўзбек! Ўзбекона оринг қайда қолди? Номусинг қайда қолди? Уялмайсизларми? Ўзбек дегани бировнинг қизини ҳам ўзининг қизидек, ўзининг синглисидек билиб ҳимоя қиларди, шаънини сақларди. Бир ўзбек аёлининг номусини миллатимнинг номуси деб биларди. Энди айтинглар, тўйларингда ўйнаётган қизлар ўзбек эмасми? Мусулмон одамларнинг фарзанди эмасми? Тўйларингга келиб ўйнаётган қизлар ўрисми, немисми, фарангми, яҳудийми? Кофирларнинг қизи келиб ўйнаётган бўлса, айтинглар, мен ҳам сизларга ўхшаб бир томоша қилиб олай. Америкадан келиб ўйнаётган бўлса, боягидек қилиб пулларингни ҳар жойига тиқинглар, майли. Аммо тўйларингда ўзбек қизлар ўйнаяпти-ку! Шуям бир мусулмоннинг қизидир? Майли, адашгандир. Балки уйда ота-онаси, болалари оч ўтиргандир. Бугун бир нима олиб бормаса, улар очдан ўлиши мумкиндир. Балки, бу қизнинг қўлидан бошқа иш келмас.
Тўрам белидан белбоғини ечди ва гапини давом эттирди:
− Ўв биродарлар! Ўв қибладошлар! Мен сўраб олдим, бу бечора кечгача ана шундай жилпангласа, икки юз минг, нари борса икки юз эллик минг сўм пул йиғар экан. Тўйхонада камида уч юз одам ўтирибсизлар. Ҳозир ўнг томондан айланиб бораман, ўзини эркакман деган, ўзбекман деган, мусулмонман деган одам минг сўмдан ташлайди. Келинглар, уч юз минг сўм йиғиб берайлик, шу қиз бугун ўйнамасин! Шу бечораям бировнинг қизи, бировнинг синглиси. Шу қиз ўйнамасин, азизлар! Қани, бошладик! Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Тўрамнинг ўзи даставвал бешта минг сўмликни ёнидан чиқариб, белбоққа ташлади ва белбоғни тутиб, тўйхонани айланишни бошлади. Тўрамнинг гапи ҳаммага таъсир қилди, шекилли, каттаю кичик минг сўмдан, бировлар кўпроқдан ҳам пул ташлайвердилар.
Тўрам бир белбоғ пулни олиб келиб, раққосанинг олдига қўйди.
− Мана, қизим, уч юз минг сўмдан ҳам кўпроқ пул йиғилди. Булар сеники, ҳалол. Кам десанг, яна йиғиб бераман. Буларни ол-да, энди ўйнама! Жон қизим, ўйнама! Сенга бир насиҳатгўй топилмагандир. Тўғри йўлга солувчи ота-онанг бўлмаса, мен отанг бўлай, қизим. Тўғри йўлни сенга мен кўрсатай. Қачон пулинг тугаса, мени сўраб бор. Пул ҳам бераман, дурустроқ кийим-бош ҳам олиб бераман, болам. Ўзингга муносиб бирор иш ҳам топиб берман, жон қизим, фақат ўйнамасанг бўлди. Бегона эркакларга баданингни кўрсатмасанг бўлди, қизим. Ма, қизим, ол! Уялма!
Раққоса бир пулга, бир Тўрамга, бир ҳофизга қаради-ю, индамай даврадан чиқиб кетди.
− Энди раққосангни опкемагин, болам, − деди Тўрам ҳофизга. − Ҳар тўйда ўзим сенга бир белбоғ пул териб беравераман, хўпми? Шу пулдан раққосангга ҳам бериб тургин, номаҳрамларнинг олдида жилпанглаб юрмасин, майлими? Ўзбеклигингни, мусулмон одамларнинг фарзанди эканингни унутмагин, болам!
Бир ҳафта ўтиб, ҳофиз бошқа бир тўйга ўша раққосани олиб кетгани унинг уйига борди. Эшикни раққосанинг онаси очди.
− У ишга кетди, фабрикага ишга кирган, − деди аёл. − Энди қизимизни сўраб келманг, укажон, қизимиз энди тўйга чиқмайди!
Assalomu alaykum Ustoz. Bugungi tug‘ilgan kuningiz, 60 yoshingiz muborak bo‘lsin. Ikki dunyo saodatini tilayman. Qo‘shrabotdan Abdullaxon.

Саҳифамда ижодий ишларимни эълон қилиб бормоқчиман.

11/05/2022

Эртага Самарқандга келинг!

11/06/2021

Бошланди...

Чемпион қиз Ватанга келди! 28/04/2021

Чемпион қиз Ватанга келди!

Ватанга хуш келдинг, ЧЕМПИОН!
Бокс бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлган Нигина Ўктамовани юртдошлари – Иштихон тумани халқи, раҳбарлари қандай кутиб олганини кўринг!
ЎЗбек қизларининг ичидан БИРИНЧИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ шундай кутиб олинади-да!

Чемпион қиз Ватанга келди! Бокс бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлган Нигина Ўктамовани юртдошлари – Иштихон тумани халқи, раҳбарлари қандай кутиб олганини кўринг!ЎЗбек қизларини...

Ургутда янги масжид очилди 13/03/2021

Ургутда янги масжид очилди

Ургутнинг янги жомеъ масжиди очилди.
Маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок қилдилар ва халқимизни табрикладилар.

Ургутда янги масжид очилди Ургут туманида янги, марказий жомеъ масжиди очилдиМасжиднинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва туман аҳлини янги м...

Сабр 07/08/2020

Сабр

Сабр Ажойиб овоз соҳиби Олимжон Мирзаев менинг "Сабр" деган шеъримни қўшиқ қилиб, "Ассалом Ўзбекистон" дастурида, жонли ижрода куйлабдилар, Аллоҳ рози бўлсин! Бир...

Жаласойни кўришни истайсизми? 17/07/2020

Жаласойни кўришни истайсизми?

Жаласойни кўрсатайми?
Бугун сизларни ўзим билан болалигим ўтган қишлоғимга, унинг дашту-далалари, сойи, тепаликларига олиб кетаман.
Жаласойни бир кўришни орзу қилиб қоласиз...

Жаласойни кўришни истайсизми? Бугун сизларни ўзим билан болалигим ўтган қишлоғимга, унинг дашту-далалари, сойи, тепаликларига олиб кетаман. Жаласойни бир кўришни орзу қилиб қоласиз...

"Заказ" мақола изидан... 15/07/2020

"Заказ" мақола изидан...

"Заказ"мақолалар қандай ёзилади?
Булунғурдаги "ёзувчилар" ва уларнинг ноғорасига ўйнаган газета мухбирини таниб олишни истайсизми?
Унда видеолавҳамизни охиригача томоша қилинг!

"Заказ" мақола изидан... Булунғурдаги "ёзувчилар" ва уларнинг ноғорасига ўйнаган газета мухбирини таниб олишни истайсизми? Унда видеолавҳамизни охиригача томоша қилинг!

Ўн саккиз ёшимда... 07/07/2020

Ўн саккиз ёшимда...

Ўн саккиз ёшимда...
Илк муҳаббат!
Буни ким унутади? Ким унута олади?
Унинг хотираларини қабригача олиб кетмайдиган ким?
Тингланг ва эсланг!
Эсланг ва ... унутманг!

Ўн саккиз ёшимда... Илк муҳаббат! Буни ким унутади? Ким унута олади? Унинг хотираларини қабримизгача олиб кетамиз-ку? Тингланг ва эсланг! Эсланг ва ... унутманг!

Lyrics Translations 07/07/2020

Lyrics Translations

Азизим...
О, муҳаббат!
Ўн саккизга кирмаган ким бор?
Боғингдан гул термаган ким бор,
Сенга атаб ғазаллар ёзиб,
Ҳамроҳига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор?
Шеърларимни ўзим ўқишга аҳд қилдим, кузатиб боринг!
https://lyricstranslate.com

Lyrics Translations Lyrics Translate – Multilingual translation community. Lyrics translations fro

УРГУТИМ 01/07/2020

УРГУТИМ

Ургутим
Ургутимга бир келинг!
Ургут ҳақида ажойиб қўшиқ ҳам куйланибди, бир эшитинг ва баҳо беринг!
Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиевга Ургут тумани ободлиги йўлида олиб бораётган улкан бунёдкорлик ишлари учун Ургут халқи номидан ташаккурлар!
Ҳокимлик Ахборот хизмати раҳбари Усмонжон Тошмуродовга ҳам миннатдорчилик билдирамиз, барака топсин, яхши ишлаяпти, Ургутимизни дунёга танитадиган мана шунақа видеороликлар тайёрлаб, тарқатаяпти.

УРГУТИМ Ургутимга бир келинг! Ургут ҳақида ажойиб қўшиқ ҳам куйланибди, бирн эшитинг ва баҳо беринг! Ургут туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Усмонжон Тошмуродо...

Отлари бор юртга бало келмайди! 29/06/2020

Отлари бор юртга бало келмайди!

Отлари бор юртга бало келмайди! "Чамбил-Қашқа" лақабли отни миниб, "Сўнгги бек" сериалида суратга тушиш учун тайёрланишни бошладик, Алҳамдулиллаҳ!

Байрам муборак! 26/06/2020

Байрам муборак!

Байрам муборак!
Қаламкаш борки, озгина эътибордан яйраб кетади.
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси озгина меҳнатимизни қадрлаб, "Ташаккурнома" билан сийлашди.
Бирлашма раҳбари, шаҳар шифохонаси бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Аҳмаджон Бобожоновга эътибор учун раҳмат!

Байрам муборак! Ижод аҳли озгина эътибордан яйраб кетади. Тиббиёт соҳасидаги янгиликларни ҳам ёритиб турганим учун Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси "Ташаккурнома" беришди....

19/06/2020

Серқуёш ҳур ўлкам...
Юртга қўшиқ

Сайхун бўлиб шовулла,
Жайхун бўлиб гувилла,
Бўрон бўлиб зувилла,
Олов бўлиб гурилла,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Бўри бўлсин сиёғи,
Боқсин уни оёғи,
Бошида синмасин, бас,
Золимларнинг таёғи,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Ҳаққин олишни билсин,
Тикка қолишни билсин,
Нонин тортиб олганни
Тепиб, солишни билсин,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Юз эллик йил ухлади,
Мудрашини қўймади,
Бошқалар Ойга учди,
Боланг қорни тўймади,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Не замонки ҳур бўлдинг,
Ҳеч пишмадинг, ғўр бўлдинг,
Ҳеч кимдан кам эмас юрт,
Айт-чи, кимдан зўр бўлдинг?
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

“Серқуёш” ёлғондан кеч,
“Мусаффо” осмондан кеч,
Чақмоқлар чақсин энди,
Сохта унвон, шондан кеч!
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Қирғиз бўлсин ўртоғинг,
Туркман суянар тоғинг,
Тожик, Қорақалпоғинг,
Бовринг бўлсин қозоғинг,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

“Сариқ”, “қизил” оғангмас,
“Кўк пули” бор тоғангмас,
Кофир ишин унутма,
Тинмас то бошинг емас,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Сайхун бўлиб шовулла,
Жайхун бўлиб гувилла,
Олов бўлиб гурилла,
Бўрон бўлиб зувилла,
Алла айтма болангга –
Бўри бўлиб увилла!

Телеграм каналимдан ҳам ўқинг: https://t.me/karimberdi60/704

Оқ йўл, Рустам Сатторов! 13/06/2020

Оқ йўл, Рустам Сатторов!

Оқ йўл, Рустам Сатторов!
Бугун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги соҳа ходимларининг таълимини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Самарқанд вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторовни янги ишга кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда иштирок этган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Ғофур Жамолов Рустам Сатторов эришган муваффақиятларни санаб ўтиб, у кишига янги лавозимда ҳам омадлар тилади.
Сўзга чиққан бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Неъматов, “Иссиқлик манбаи ДУК” директори Ёқубжон Қурбонов, “Ягона ҳисоб маркази ДУК” директор ўринбосари Иброҳим Санаев, бошқарма ёшлари номидан сўзлаган Мирвоҳид Ҳамидов, туманлардаги бўлимлар раҳбарлари номидан сўзлаган Қаҳрамон Ражабов, бошқарма хотин-қизлари номидан сўзлаган Танзила Ҳамидовалар устозга оқ йўл тилаб, ўз дил сўзларини изҳор қилдилар.
Маросим сўнгида бошқарма ходимлари номидан Рустам Сатторовга ўзбекона удумга биноан, тўн кийдирилиб, совғалар, шунингдек, Иштихон, Тойлоқ, Каттақўрғон, Оқдарё туман ҳокимларининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Кўрсатилган ҳурмат, эҳтиром учун миннатдорчилик билдирган Рустам Сатторов ўз ишини давом этдирадиган Баҳодир Неъматовга юксак ишонч билдириб, у кишига ҳам ишларида омадлар тилади.
Самарқанд вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Ахборот хизмати.

Оқ йўл, Рустам Сатторов! Бугун Самарқанд вибоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторовни янги ишга - вазирликга кузатдик.

06/06/2020

25-майда ўқилиши керак бўлган ҳикоя
"Сизни ҳам севарлар, севиб қоларлар"
1.
Адабиёт дарсида ўқитувчи эркин мавзуда иншо ёзишни буюрди. Матлуба муҳаббат мавзусида иншо ёзишга аҳд қилди.
“...Балки муҳаббат деганлари шудир, бўлмаса нега юрагим титрайди...”, деб ёзди иншосининг бир неча жойида.
– Матлюб, қара, қарагин, – дугонасини туртиб, қулоғига шивирлади Гули. – Сожи сатанг Бахтиёрга хат узатяпти!
– Менга нима узатса? – Сожида томонга қарамай шивирлади Матлуба. – Сенга нима? Иншонгни ёз!
Гулининг қулоғига дугонасининг танбеҳлари кирмади. Дам ўтмай, яна Матлубанинг биқинига туртди.
– Матлюб, Бахтиёр олди. Сатангнинг хатини олди.
– Қўясанми йўқми?! – асабий шивирлади Матлуба.
Ўқитувчига эшитилди чоғи, булар томонга кела бошлади. Матлубанинг ёнгинасида тўхтади.
– Тинчликми? Нима бўлди? Ёки дугонанг халақит беряптими, Матлуба? Гулини орқа партага ўтқазайми? – сўради Гулсара опа.
– Керак эмас, – хижолат бўлди Матлуба. – Ўтираверсин!
Ўқитувчи Матлубанинг ёзганларига разм солди.
– Яхши бошлабсан. Шоирона ёзибсан:
“...Балки муҳаббат деганлари шудир, ...”
Гулсара опа Гулининг ҳам ёзганига қаради-ю, унга танбеҳ берди:
– И-е, Гули қиз, сизга нима бўлди, “Менинг орзуим” деб сарлавҳани қўйибсиз, тамом. Ёки орзуингиз йўқми?
– Бо-ор, – каловланди Гули.
– Бор бўлса ёз, ҳадеб дугонангнинг қулоғига шивирламай!
Гули қип-қизариб кетди.

2.

Танаффусда Матлубасиз бир қадам ҳам босмайдиган Гули бир ўзи бориб, чинор остидаги ўриндиққа ўтириб, аразини намойиш қилди. Матлуба келиб, унинг ёнига ўтирган эди, нарироққа сурилиб, “ёмон аразлаганини” билдирди.
– Бас қил! – деди Матлуба. – Барибир аразлашни эплай олмайсан. Туриб кетсам, орқамдан ўзинг бориб, “яраш-яраш қилайлик”, деб безор қиласан.
– Бормайман, – тўнғиллади Гули.
– Сожида хатига жавоб олдими йўқми, шуни сўрамоқчи эдим, гапирмасанг гапирма, – деб туриб кетишга чоғланди Матлуба.
Шу ерда Гули чидай олмади, шарақлаб кулиб юборди.
– “Хатингни Шуҳратга ёз”, деб ўқимасданоқ Сожидага қаратиб отиб юборибди. Абдураҳмон айтди, – деди кула-кула.
Матлубанинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Бирдан дугонаси билан ғийбатлашгиси келиб қолди. Гулини юришга ундаб, мактаб боғи адоғидаги гулзорга етаклади.
Бу ер икки дугонанинг хос ери. Улар ўзларига ёқмаган дарсларнинг ўқитувчиларига тинчгина уруш эълон қилишади. Танаффусда шу ерга келиб атиргуллар орасига ўтириб олишади. Қирқ беш дақиқа беш дақиқадай ўтади-кетади.
Айниқса, математика деса, Матлубанинг нафаси қайтадиган бўлган. Ўқитувчи ҳам ўчакишгандай ҳар дарс журнални столга тап этказиб ташлайди-ю, “Матлуба борми? Ҳа, баракалла, доскага чиқ”, дейди. “Мен бўлмасам, шу муаллим дарс ўтолмайди-ёв”, дейди Матлуба синфдошларига.
Ҳозирги дарс ҳам математика эди.
– Шуҳрат билан куйдим-пишдимини Бахтиёр ҳам билар эканми? – сўради Матлуба доимги жойларига жойлашиб олганлариданоқ.
– Э, ўғил болалар бизлардай эмас, Матлюб, – деди Гули. – Улар дарров бир-бирларига айтадилар сирларини. Пахтадаги гапларни болалар ҳаммаси бир-бирига етказишган. Бахтиёр ҳам эшитган-да.
Пахта ҳашарига боришганида Сожидалар турган уйга кечаси Шуҳрат келган, иккаласи бемаҳалда гаплашиб турган, уй бекаси шу кечасиёқ “Менинг қизларимнинг ҳам тарбиясини бузасан”, деб Сожидани қувиб солган эди.
– Тавба, нега шунақа-я? – сўради Матлуба. – Ўғил болаларга Сожиданинг нимаси ёқаркан-а? Аллақачон Раҳмат, Меҳриддин, Шуҳрат, ...
– Энди эса нишонда Бахтиёр, – деди Гули айёрона кўз қисиб.
– Қўйсанг-чи? – деди хомуш бўлиб Матлуба.
– Ҳа, ёқмадими? – деди Гули. – Мени сезмайди, дема. Ҳаммасини сезиб юрибман. Бахтиёрни ундан қизғанаяпсан-а?
– Ҳе, ўл сен, шпион! – ёлғондакам таҳдид қилди унга Матлуба. – Ким айтди сенга? Менга нима? Менга деса ҳамма ўғил болалар билан севишиб чиқсин.
– Ҳаммаси билан севишса майли-ю, Бахтиёр билан севишмасин, де, – қиқирлади Гули.
Матлуба унинг биқинидан яхшилаб чимчилаб олди.
– Ўчир овозингни, ... мен, ... менга, ... мен уни ... яхши кўрмайман.
– “Мен-мен”лаб қолдингми? Тилинг тутилиб қоляптими? “Балки муҳаббат деганлари шудир?”
– Ҳозир туриб кетаман! – деди Матлуба.
– Қўй, бормай тур шу синфга, Сожида яна бир-икки хатини жўнатишга уриниб кўрсин.
– Гапирма шу олифтани!
– Ҳа, баракалла, ҳов бояги саволингга жавобни ўзинг айтдинг. Болаларга Сожи сатангнинг олифталиги ёқади. Шим кийиши ёқади. Калта юбка кийиши ёқади. Лаб бўяши ёқади. Хушбўй атир сепиб юриши ёқади. Кечқурун ёлғондан “чиқ” дейишсаям учрашувга чиқиши ёқади, билдинг? Сенда шуларнинг бирортаси борми? Йўқ!
– Ҳа, тўғри айтасан, сен сал тузуксан-у, менда чирой жонивордан ҳам йўқ-да. Қоматим ҳам сал бесўнақайроқ, шекилли?
Гули қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Оғзини қўли билан ёпиб, у ёқ - бу ёққа аланглаб олди.
– Бекор айтибсан. Қоматинг ҳам жойида, ҳеч қанақа хунук ҳам эмассан. Тўғри, рангинг сал, ... са-ал қорароқ. Аммо бу негр дегани эмас.
Баравар кулишди. Гули давом этди:
– Чиройлисан, камтарлик қилма. Аммо сатангга ўхшаб, болаларга хушомад қилиб гапиришни билмайсан. Са-ал қўполроқ гапирасан. Зиёдулло шўрлик ўнинчида кўнглини очганда нима қилганинг эсингдами?
Зиёдулла воқеасини эслаб иккаласи ҳам кулишди. Бечора Зиёдулла Матлубага хат ёзиб, “Жавобини эртага кутаман”, деганди. Матлуба “Жавобини ҳозир берсам майлими?” деди-ю, секин сумкасини олиб, Зиёдулланинг бошига чунонам урди-ки, шўрлик “гуп” этиб полга ағанаб тушди.
Шу-шу на биров Матлубага гапиради, на Зиёдулла бировга хат ёзади.

3.

Орзиқиб кутилган янги йил кириб келди. Янги йил куни биринчи қор тушди. Ўзиям кечга бориб тизза бўйи бўлди. Матлуба яқин орада бунчалар севинмаган, бунчалар яйрамаган эди.
Энг қувончлиси кечқурун бўлди. Хайринисоларникида синфдошлари билан бирга янги йилни кутишди. “Ўн иккига қолмасдан ҳамма ўз уйида бўлсин!” деган синф раҳбарининг буйруғига кўра, ўн бир бўлмай тарқалишди.
– Гули, сени кузатиб қўйсам майлими?
Бу ўн биринчи “Б”даги Фаррух эди. Матлуба буни эшитди. Ўз қулоқлари билан эшитди. Шунақа севинди, шунақа севинди-ки, иккиланиб, бир нарса деёлмай турган Гулининг билагидан чимчиб, қулоғига шивирлади:
– “Балки муҳаббат деганлари шудир?”
Фаррух ва Гули уни уйларигача кузатиб қўйиб, ўзлари Гулиларнинг уйи тарафга йўл олишди.
Гули эрталаб етиб келди. У бир гапириб ўн кулар, гоҳ Фаррухни мақтаса, гоҳ соддалигидан куларди.
– Матлюб, у тупа-тузук шоир экан. Эрталабгача шеър ўқиб берди, ишонасанми? Ҳатто менинг исмимгаям ўн беш-йигирмата шеър ёзган экан, эшитсанг, қотиб қоласан. Бечора, икки йилдан бери менга шеър ёзар экан, билмабман-а?
– Табриклайман, Гули, табриклайман. Бахтли бўл, Фаррух яхши бола. Баҳолариям яхши.
– “Журналистикага кираман, шоир бўламан”, – дейди.
– Бўлади. Сендай қизни севибдими, бўлади. Диди чакки эмас экан. Нега икки йил “миқ” этмабди?
– Қўрқиб юрар экан, бечора. “Ўғил болага ўхшаган табиатинг бор, гапириб балога қолмай, дедим”, – дейди.
Қизлар роса гаплашишди. Кулишди. Кетар чоғи Гули дугонасини қучоқлаб, деди:
– Сениям севиб қолишади. Мана кўрасан!
– Йўқ, севишмайди, – хомуш тортди Матлуба. – Синф бўйича севилмаган энди битта мен қолдим.
– Ҳозир йиғлайман, – деди қайта ўтирган Гули. – Ёки ҳозир бориб, “Матлубага кимдир севги изҳор қилмагунча сенгаям жавоб”, дейман Фаррухга.
– Тентаквой, – унинг елкасига тушиб турган сочларини тўзғитиб ташлади Матлуба. – Унда қариқиз бўлиб қоласан. Бор, шоиринг уйларинг атрофида парвона бўлиб юргандир?

4.

Матлуба Бахтиёр ҳам унга бефарқ эмаслигини сезар, ҳеч бўлмаганда шуни хоҳларди. Аммо у ҳеч қачон бу мавзуда гапирмасди. Ҳеч қачон Матлуба билан очилиб гаплашмасди. Қолганлар билан ҳам апоқ-чапоқ бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда талашиб-тортишиб турар, аммо Матлуба билан ҳеч қачон тортишмасди ҳам. Бирор бола Матлуба билан тортишиб қолгудек бўлса, секин, аммо кескин қилиб, бир оғиз “Бас қил!” дерди. Шу билан ҳар қандай баҳс тугарди. Ҳеч ким билан иши бўлмай, жони-дили бўлган математикаси мисолларини ечиб ўтирадиган “одамови”дан синфдошлари ҳайиқишарди.
Аммо муҳаббат деганлари бу эмас-да!
Матлуба уни ўйлаб, тунларини тонгларга уларди. Нима қилсин? Бир сўз деб бўлмаса? Уям бир сўз демаса?
Гули Фаррухни “разведкага” юборди. Керакли “разведка” маълумотларини қўлга кирита олишмади. “Сен ҳам бита-яримтани севасанми?” “Севганинг ким?” “Синфингдаги қизларнинг қайси бири зўр?” каби ўнлаб қармоққа илиб ташланган саволларга битта қилиб жавоб берибди:
– Тошингни тер!
“Саккизинчи март байрамида Фотимага совға берибди”, “Наврўз” куни сайилгоҳда Норхол билан учоқ учганмиш” каби миш-мишлардан кейин бир қанча вақт жиғибийрони чиқиб юрди Матлубанинг. Ке¬йин барига қўл силтади:
– Менга нима? Рост-да? Ким бўлибман?

5.

Май келди.
Матлуба негадир кичкиналигидан май ойини севади.
Эҳ-ҳе! Олдинлари май ойида роса байрамлар кўп бўларди. Ҳар икки-уч кунда байрам бўларди. Отаси май байрамига янги кийимлар олиб берарди. Майда, албатта, тоққа, лола сайлига чиқишарди. Узоқда эди тоғлар. Матлубалар яшайдиган ерда лола йўқ эди.
Матлуба адирлардан қучоқ-қучоқ қизғалдоқлар, бўтакўз ва чучмомалар териб келарди. Қизғалдоқларни эски уйлар томларидан ҳам териб олса бўларди.
Матлуба ҳар йили майни интиқ кутарди.
Негадир бу йил май билан бирга юрагига ҳам шодлик, ҳам хавотир кириб келди.
Бирпасда “Сўнгги қўнғироқ” ҳам етиб келди. Йиғлай-йиғлай уйига кетди Матлуба. Уни кузатиб қўймоқчи бўлган Гули ва Фаррухга қўл силтаб, бир ўзи югуриб кетди. Уйга келиб, хонасига қамалиб олди.
Адашиб қолиб кетган кўз ёшлар ҳам опаларига етиб олиш учун шошилдилар. Ҳам сингилларининг қўлини қўймай “Қорароқ, аммо чиройли”, деб таъриф олган юз чаманини ювиб ўтдилар.
Матлуба ўзини бўм-бўш улкан кўзага қиёслади. Худди шу кўзадек қалби бўм-бўш эди, гўё.
Энди ҳеч нарсанинг қизиғи йўқдай. Энди кунлар мазмун-моҳиятини йўқотди, гўё.
Сўнгги имтиҳон куни сўнгги умиди ҳам сўнди Матлубанинг.
– Қўйсанг-чи, ўша Ал Хоразмийни, – тасалли берарди Гули. – Ҳаммамиз ўқишга борамиз. Бу ердагиларнинг кўзи кўр бўлса, инс¬титутга кўзи очиқ йигитлар келар. Ҳали зўр-зўр йигитлар изингда нола қилади: “Биз томонга бир қараб қўй”, деб. Матлуба бир сўз демай, бир-бир босиб, уйига кетди.
Хум эса бўм-бўш эмас экан. Бир ораз ювгулик шўр сув бугун ҳам топилди. Ундан-да шўр икки сўз айтилди:
– Ҳаммаси тамом!

6.
Битириш кечаси – энг сирли кеча.
Битириш кечаси – энг сўнгги кеча.
– Бормайман, – деди Матлуба.
– Ахир бу энг сўнги байрамимиз. Қандай бормайсан, ўйлаб гапираяпсанми? – деди Гули.
– Нима қиламан у ерда? – деди Матлуба.
– Аттестат оламиз, жинни, – деди Гули. – Устозлар билан хайрлашамиз.
– Кўнглимга ҳеч нарса сиғмаяпти.
– Кўнглинг билан кимнинг неча пуллик иши бор? Битириш кечасига бормаслик – жиноят! Ҳа, айтганча, сен бормасанг, мен ким билан бораман? Фаррух Тошкентда, келолмас экан. Мен ҳам бормаслигим керак экан-да?
Матлуба ноилож кийиниб чиқди. Дугоналар мактабга келганда ҳамма жам бўлганди.
Битириш кечаси жуда ажойиб бўлди. Шаҳардан эстрада гуруҳи келган экан. Қўшиқлар, рақслар кўнгилдагидай бўлди.
Тошкентдан Фаррух юборган, ҳар бир ўқитувчига ва синфдошларга атаб ёзилган шеърлар ўқилди. Гулига ёзилган шеър ўқилганда қарсаклар ёғилиб кетди.
Табриклар, оқ йўл тилашлар, ҳатто кўз ёш тўкишлар ҳам бўлди.
Матлуба математика ўқитувчисидан ҳайи¬қарди доим. Қаттиққўл одам деб ўйларди. Мени ёмон кўради, деб юрарди. У бўлса, “Келаси йил мактабга келаман, дарсга кираман, сизлар бўлмайсизлар, Матлуба бўлмайди, Бахтиёр бўлмайди”, деди-ю, кап-катта одам, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Матлуба Бахтиёрга қаради.
Бахтиёр кўзини ердан узмади.
Ким шодон, ким ғамгин бўлиб тарқалишди.
Тинмай гапириб келаётган Гулининг сўзлари ўз ўйларига кўмилиб келаётган Матлубанинг қулоғига кирмасди.
– Матлуба!
Иккаласи ҳам бирданига ўгирилиб қарашди.
– Матлуба! – давомини тополмасди ҳансираётган Бахтиёр.
Ўртадаги жимлик бир асрга етай деганда давомини топди. Ўн бир йил сенлаб гапирган Бахтиёр Матлубани сизлаб гапира бошлади. “Балки муҳаббат деганлари шудир?”
– Матлуба, бироз қола олмайсизми? Сизга икки оғиз гапим бор эди. Бу жуда муҳим.
– Балки эртага айтарсиз, – “сиз”га урғу бериб, шаддодлик қилди Гули. – Бугун анча кеч бўлиб қолди. Бир хил гапни кечаси айтмайди, дейдилар. Қўрқиб-нетиб юрмайлик.
– Бугун айтмасам бўлмайди, – деди Бахтиёр ва бир оз туриб, ўзига ўзи гапираётгандек қўшимча қилди: – Бугун айтмасам, ўлиб қоламан.
– Вазият жиддий, – кулди Гули. – Унда мен бора қолай?
– Сиз кетишингиз шарт эмас, – деди Бахтиёр.
– Шолининг орқасидан курмакка ҳам сув тегди, – шарақлаб кулди Гули. – Биз ҳам “сиз”ландик, ҳозир йиғлаб юбораман. Ўлай агар, йиғлаб юбораман. Мактаб бўйича ҳеч ким мени сиз демаган, ҳатто шоир Фаррухий ҳам.
– Мен ҳам эртага Тошкентга жўнаб кетаяпман. Университетга, математика факультетига ўқишга кираман. Аммо қайтиб келаман. Матлуба, сиз учун, сизни деб қайтиб келаман. Эшитаяпсизми? Сиз, ... Сиз мени кутинг. Эшитаяпсизми? Мени кутинг. Кутасиз-а?
Матлуба бир сўз демасди.
Матлуба бир сўз дея олмасди.
Кўза лиммо-лим тўлган эди.
Кўза тоша бошлаган эди.
Матлубанинг томоғига-да бир шўр нарса тиқилган эди.
– Матлуба, кутаман деб айтинг, – дерди энди кипригига шабнам қўнган Бахтиёр. – Ахир мен сизни, сизни... Сизни севаман. Кутасиз-а?
Матлубанинг томоғидаги шўр нарса сўз экан, бир-бирига ёпишиб қолган садафлар орасидан базўр ташқарига йўл олди:
– Кутаман!
Бахтиёр қайрилиб, югуриб кетди.

7.

Пиқ-пиқ йиғи товуши эшитилди.
Умрида йиғламаган Гули йиғларди.
– Сен нимага йиғлаяпсан, жиннивой? – деди юзларидаги селга қўлини ғов қилиб, дугонасини қучоқлаб олган Матлуба.
– Билмайман, билмайман, – ҳиққиллади Гули. – Юрагим оғзимга келди. Фаррухни соғиниб кетдим. “Балки муҳаббат деганлари шудир-а?”
– “Балки муҳаббат деганлари шудир?”– энтикиб пичирлади Матлуба. – Шудир...

Тамом.
Ҳикоя муаллифи Каримберди Тўрамурод огоҳлантиради: Бировнинг мулкидан рухсатсиз фойдаланиш шаръан ҳаром.
Телеграм каналимда ўқиш: https://t.me/karimberdi60

Telephone

Address


Куксарай
Samarkand
Other Writers in Samarkand (show all)
Darth Vader Darth Vader
Samarkand

если сторона тёмная - это не значит что она плохая.

raxmatullayev.jahongir.010 raxmatullayev.jahongir.010
Motrid
Samarkand, YAKACHINOR

adhamquvatov adhamquvatov
Samarkand Vil. Qõshrabot Tumani
Samarkand

iam_fayzulloyev_s iam_fayzulloyev_s
Uzbekiston
Samarkand

UZBEK TV UZBEK TV
Samarkand, URGUT

baxodir.m

pro.steel pro.steel
Samarkand

bekmurod.saidov bekmurod.saidov
Chuyanchi
Samarkand

iskandarov__oxunjon iskandarov__oxunjon
Самарканд
Samarkand, 01004

azamjonoof7777 azamjonoof7777
Bagalan
Samarkand, PAXTACHIRAYON

_iftixor_official_ _iftixor_official_
Ishtixon
Samarkand

firdavs9038 firdavs9038
каканская
Samarkand